Вход   |  Регистрация
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта



Болани ўқишга қандай қизиқтириш мумкин ?

Автор: eLBekjooon
Болани ўқишга қандай қизиқтириш мумкин ?


Болани ўқишга қизиқтиришда нима учун мукофотлар билан рағбатлантириш иш бермайди, унинг ўрнига қандай йўл тутиш кераклигини билмоқчи бўлсангиз, "Лайфхакер"нинг қуйидаги тавсиялари сиз учун.

Ички ва ташқи мотивацияни танлаймиз

Ички мотивация ҳақида камдан-кам бош қотирамиз. Бизнинг самимий хоҳиш-истакларимиз, ҳолатимизни тушунтириш учун биргина сўз етарли - "истайман". Болалар ўзларига ёқадиган гуруҳнинг қўшиғини бажонидил тинглашади, ўз қўллари билан бирор нарса ясашади ёки саргузашт романлар ўқишади, чунки уларга шундай қилиш ёқади. Ташқи мотивация ҳар хил бўлади - чўнтак пулларидан тортиб, то мактабдаги баҳоларгача. Буни бир гап билан изоҳлаш мумкин: "Мана бундай қилсанг, буни қўлга киритасан".
Психолог Альфи Кон "Мукофот билан жазолаш" китобида нафақат ота-оналарни, балки ўқитувчиларни ҳам турли имтиёзларни қўллашдан огоҳлантиради. Баъзи ота-оналар фарзанди яхши ўқиши учун ҳайвонот боғига олиб боришни ваъда қилишади, бошқалари қимматбаҳо гаджетларни харид қилишади ва ҳатто пул ҳам беришади. Муаммо шундаки, бу усул иш бермайди: ўқувчи шундай ўқишда давом этаверади, боз устига, ваъда қилинган нарсага эриша олмагани учун яқинларидан хафа ҳам бўлади!

 

Болани ўқишга қандай қизиқтириш мумкин ?


Ўқитувчилар кўринишидан олижаноб усуллар билан иштиёқни оширишга ҳаракат қилишади: турли мақомлар (ойнинг энг яхши ўқувчиси) жорий қилишади, яхши ўқийдиганлар учун имтиёзлар яратишади. Кўпинча шундай бўлади: ойнинг энг яхши ўқувчиси асосан бир ўқувчи бўлади, имтиёзлар эса одатда таркиби ўзгармайдиган ўқувчилар доирасига берилади. Қолган ўқувчилар эса ўзларини омадсиздек ҳис қилишади.

Нима учун ташқи мотивацияни ошириш иш бермайди?

Биз "Мана бундай қилсанг, буни қўлга киритасан", деган пайтимизда бола дастлаб ваъдани иштиёқ билан қабул қилади. Шу билан бирга, унда ўзини ўзи ҳимоялаш инстинкти ҳам ишга тушади. Бола муаммони ҳал қилишнинг ижодий усулини эмас, энг ишончли ва қисқа йўлини излай бошлайди. У ўзига ўзи савол беради: "Таваккал қилиб, назорат ишини ўзим ёзишимга не ҳожат? Яхшиси, аълочилардан кўчириб оламан, шуниси ишончлироқ". Қарабсизки, мақсадлар ўзгариши рўй беради: билим олиш учун ўқиш эмас, мукофот олиш учун ўқиш. Ташқи мотивация зўр ишлаши мумкин, фақат ичкиси билан бирга. У ўз-ўзидан олдинга ҳаракатланмайди, шунчаки "ишни уддалаш", тезроқ хоҳлаган нарсасига эришишга мажбур қилади.

Ўқишга бўлган қизиқишга нима таъсир қилади?

Кон мотивацияга таъсир кўрсатувчи уч омилни ажратади:

1. Кичик ёшдаги болалар ўқишга тайёр ва улар бунинг учун ҳеч нарса талаб қилишмайди. Уларда ички мотивация кучли ривожланган бўлади: улар ўзларига қизиқ бўлгани учун ҳам ўқиб ўрганишади.

2. Ички мотивацияни сақлаб қола олган болалар самарали ўқишади. Қолганларни эса уддалай олмайди деб ҳисоблашади, бироқ бундай эмас. Баъзи мактаб ўқувчилари фақат паст баҳо олишса-да, бошқа соҳаларда ўзларини ижобий намоён этишади. Масалан, севимли хонандасининг ўнлаб қўшиқларини ёддан билишади (математикада эса кўпайтириш жадвалини эслай олишмайди). Ёки фантастикани берилиб ўқишади (классикага эса қўл теккзишмайди). Уларга шу қизиқ. Ички мотивациянинг моҳияти ҳам шундадир.

3. Имтиёзлар ички мотивацияни йўққа чиқаради

Психологлар Кэрол Эймс ва Кэрол Дуэк ота-оналар ҳамда ўқитувчилар қандайдир имтиёзга урғу беришганда болаларнинг қизиқиши дарҳол сўнишини аниқлашди.

 

Нимадан бошлаш керак?

Ўқишга мотивацияни қайтариш — узоқ жараён ва бунинг муваффақияти асосан ота-онага боғлиқ. Катталар энг аввало уч нарса ҳақида бош қотиришлари керак: мазмун, ҳамкорлик ва танлов эркинлиги.

1. Мазмун. Бола талабимизни бажармаганида биз унинг хатти-ҳаракатларига таъсир кўрсатиш усулларини қидирамиз. Яхшиси, талабингиз қанчалик тўғри экани ҳақида ўйлаб кўринг. Фарзандингиз физикадан фақат "4" ва "5" олмаса, бунинг ҳеч қандай қўрқинчли жойи йўқ. Болалар "шовқин қилмаслик" борасидаги талабимизни "қулоқсиз" эканликлари учун эмас, ўз ёшларининг психологик хусусиятлари сабабли рад этишади.

2. Ҳамкорлик. Афсуски, бола билан мулоқот қилиш контекстида бу сўз кўп ота-оналар учун нотаниш. Бироқ фарзандларингиз қанча катта бўлганлари сари, уларни шунча кўп ҳамкорликка жалб қилишингиз керак. Муҳокама қилиш, тушунтириш бериш, бирга режалар тузиш керак. Бола билан катта одамдек суҳбатлашишга ҳаракат қилиб кўринг. 15 ёшли боланинг космонавт бўлиш орзусига беэътибор бўлиш керак эмас. Нима учун бунинг иложсиз эканини хотиржам ўтириб тушунтиринг. Эҳтимол, ўғлингиз сизнинг сўзларингиз орасидан ўсиш учун ички мотивация топа олар.

3. Танлов эркинлиги. Бола ўзини жараённинг бир бўлагидек ҳис қилиши керак, шунда у муаммо ечимини топишга масъулият билан ёндашади. Фарзандингиз ўзини ёмон тута бошласа, ундан бунинг сабабларини сўранг. Сиз "шундоқ ҳам гап нимадалигини биламан" дейишингиз мумкин, шундай бўлса-да, уриниб кўринг. Эҳтимол, унинг жавоби сизни ажаблантирар.

Ички мотивацияни излаймиз

Боланинг ички ҳолатини тўғирлаш осон эмас, шунга қарамай, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар ўз мевасини бериши мумкин.

1. Фарзандингизни қабул қилишни ўрганинг. Масалан, қизингизнинг янги имджи сизга ёқмаслиги мумкин, лекин сиз уни қабул қилишингиз керак. Бошқача айтганда, гап эркалатиш эмас, тушуниш ҳақида бормоқда.

2. Самимий суҳбатлашинг. Агар фарзандингиз билан қалбан етарлича яқин бўлсангиз, дастлаб у билан шунчаки суҳбатлашинг. Унинг нималарга қизиқиши ҳамда ўқишда қандай муаммолар юзага келаётгани ҳақида сўранг. Вазиятдан чиқиш йўлини бирга топинг.

3. Болага ҳаётдаги мақсади борасида бир тўхтамга келишга ёрдам беринг. Кўпинча ички мотивация бўлмайди, чунки бола бу формулалар, охири йўқ қоидалар ва теоремаларнинг нима учун кераклигини тушунмайди. Фарзандингиз мактабни тугатганидан кейин нима билан шуғулланиши исташи борасида бир тўхтамга келиши муҳим. Буни тушунишга ота-она билан узоқ суҳбатлар, профессионал йўналиш бўйича маслаҳатлар ва ўсмирлар учун китоблар ёрдам беради.

4. Ўқув жараёнини боланинг қизиқишлари устига қуринг. Ўқишда боланинг самимий қизиқишлари (ички мотивацияси)ни мактабдаги дарслар билан бирлаштиришга ҳаракат қилиш керак. Бу жараён индивидуал ва ота-оналар томонидан катта эътибор талаб қилади. Масалан, инглиз тилини севимли фильмингиз ёрдамида ўрганишингиз мумкин. Компьютер ўйинларини жуда яхши кўрувчи ўсмирни эса дастурлаш ва у билан боғлиқ билимлар қизиқтириши керак.

Боладан ички мотивацияни тортиб чиқариш — энг муҳим вазифалардан бири. Зукко, доно, фарзандининг ҳаётига самимий қизиқадиган ота-она учун эса бу муаммо эмас.

 

Manba: KUN.UZ





Поделитесь с друзьями:
Просмотров: 97   
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.

Информация

Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.